Logo

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси ўзининг дипломатик миссиясини якунламоқда

Октябрь 12, 2023. 21:23 • 56 сония

3147
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси ўзининг дипломатик миссиясини якунламоқда

ЛОНДОН, 13 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Саид Рустамов кеча Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лорд Тариқ Аҳмад билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон–Британия ҳамкорлигининг кун тартиби ва уни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.


Тариқ Аҳмад сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашган ва янги мазмун билан тўлдирилаётган икки томонлама мулоқотнинг изчил суръатини юқори баҳолади. Хусусан, юқори даражадаги ўзаро ташрифлар сони ортиб бораётгани, яқин сиёсий ва парламентлараро мулоқотлар, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар чуқурлашиб бораётгани қайд этилди. Британия томони Ўзбекистонда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар ва кенг кўламли модернизация, унинг прагматик ва масъулиятли ташқи сиёсатини олқишлади ҳамда мамлакатимиз билан кўп қиррали амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканини билдирди.


ТИВ раҳбари ўринбосари Буюк Британиядаги дипломатик миссиясини якунлаётган Саид Рустамовга икки давлат ва халқлар ўртасидаги очиқ, конструктив ва дўстона муносабатларни ривожлантиришга қўшган самарали ва ижодий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.


Эслатиб ўтамиз, Саид Рустамов 2019 йилнинг октябрь ойида Буюк Британиядаги элчи лавозимига киришган эди. Бунгача у Исроилдаги элчихонани бошқарган, ТИВнинг қатор бошқармаларига раҳбарлик қилган, АҚШдаги элчи ўринбосари, вазир ёрдамчиси вазифаларида ҳам ишлаган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш